ТОВАР ОМБОРИДА ОМОНАТ САҚЛАШДА РАСМИЙЛАШТИРИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАБИАТИ
Abstract
Мазкур мақолада товар омборида омонат сақлаш муносабатларида расмийлаштириладиган омбор гувоҳномаларининг ҳуқуқий табиати тадқиқ этилган. Тадқиқотнинг долзарблиги товарни жисмонан топширмасдан туриб унга нисбатан мулкий ҳуқуқларни муомалага киритиш имконини берувчи оддий ва икки қисмли омбор гувоҳномаларининг фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятларини аниқлаш зарурати билан белгиланади. Тадқиқотнинг мақсади омбор гувоҳномаларининг қимматли қоғоз сифатидаги белгиларини, улар орқали тасдиқланадиган ҳуқуқларнинг мазмуни ва ҳажмини ҳамда мазкур ҳужжатларни бошқа шахсга ўтказишнинг ҳуқуқий оқибатларини очиб беришдан иборат. Тадқиқотда формал-юридик, тизимли ва илмий-назарий қарашларни таҳлил қилиш усулларидан фойдаланилган. Илмий адабиётларда шаклланган ёндашувларни ўрганиш асосида омбор гувоҳномалари товарнинг мавжудлигини тасдиқлаш билан чекланмасдан, унга нисбатан ҳуқуқларни муомалага киритиш ва айрим ҳолларда товарни жисмонан топширмасдан ҳуқуқий ҳукмронликни бошқа шахсга ўтказиш вазифасини бажариши асосланган. Уларнинг каузал табиати, оммавий ишончлилик ва литераллик хусусиятлари аниқланган. Тадқиқот натижасида омбор гувоҳномасининг ашёвий-ҳуқуқий таъсири товарнинг амалда сақловчи эгалигида мавжуд бўлишига боғлиқлиги асосланган. Товар сақловчи эгалигидан чиқиб кетганидан сўнг гувоҳнома товарни муомалада ифодаловчи хусусиятини йўқотиши ва унинг эгасида, асосан, сақловчига нисбатан мажбурият-ҳуқуқий талаблар сақланиб қолиши тўғрисида хулосага келинган.

